Олий Бош Қўмондон Жамоат хавфсизлиги университетида бўлди

  • Nashr qilingan sana : 30/08/2024 soat 15:02
Print
A
A

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жамоат хавфсизлиги университетини бориб кўрди. Мамлакатимизда қўмондонлик ва техник кадрлар тайёрлайдиган, бир неча ўқув муассасаларини бирлаштирган кўп босқичли ҳарбий таълим тизими яратилган. Жамоат хавфсизлиги университети шулардан бири.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қайта ташкил топган ушбу маскан.
Университетда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун тегишли равишда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими йўналишлари бўйича, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун эса ҳарбий дипломатия, юриспруденция, иқтисодиёт, муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳаларида замонавий таълим берилади.
Ўқув тизимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда умумфуқаровий асосда ўқишга рухсат берилган бўлиб, бугунги кунда юриспруденция, иқтисодиёт ва психология таълим йўналишлари бўйича талабалар таҳсил олишмоқда. Университет битирувчилари Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларида самарали хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўз қўриқлаш тузилмасига эга давлат ва хўжалик органлари учун шу бўйича мутахассислар тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари ушбу масканда яратилган шароитларни кўздан кечирди, янги спорт мажмуаси билан танишди.
Президент офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Print
A
A