“Шарқ тароналари” якунланди

  • Nashr qilingan sana : 31/08/2024 soat 05:45
Print
A
A

Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали якунланди. Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда жаҳоннинг 80 га яқин мамлакатидан 400 нафардан зиёд вакиллар халқаро мусиқа фестивалида қатнашиб, санъат тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи эканлигини намоён этди.
Пандемия сабабли беш йиллик танаффусдан сўнг ўтказилган ўн учинчи фестивалда 30 дан ортиқ мамлакат мусиқий жамоалари, хонанда ва созандалари ўз дастурларини тақдим этди.
Фестиваль қатнашчилари “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинациялар бўйича тақдирланди.
Мўғулистоннинг “Батбаяр Батням” жамоаси, Япония вакили Машу Камазаки ва Россиянинг “Шимолий хор” ансамбли фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари берилди.
  Иккинчи ўринга Қозоғистоннинг “Атамекен” мусиқий гуруҳи ҳамда мамлакатимиз вакиллари – “Мaqom Band” жамоаси аъзолари Алишер Аҳмедов ва Фазилат Аҳмедова сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.
Фестивалнинг биринчи ўрин ва 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти Туркманистон миллий мусиқа ансамблига берилди.
Халқаро ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Озарбайжоннинг “Семурғ” муқом ансамблига берилгани маълум қилинди.
Ғолиб жамоага 10 минг АҚШ доллари пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

Print
A
A