Ўзбекистон Мустақиллигининг 33 йиллиги тантаналари

  • Nashr qilingan sana : 1/09/2024 soat 12:16
Print
A
A

“Янги Ўзбекистон” боғида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам шодиёнаси бўлиб ўтмоқда.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари кўп миллатли Ўзбекистон халқни бугунги улуғ айём билан чин қалбдан табриклаб, барчага ўзининг юксак ҳурмати, эзгу тилакларини изҳор этди.

–Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик.

Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди Президент.

Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

–Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз.

Лекин, тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир, – деди давлатимиз раҳбари.

Print
A
A