Озарбайжонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

  • Nashr qilingan sana : 3/09/2024 soat 08:51
Print
A
A

Озарбайжонда 1 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида Президент Илҳом Алиевнинг “Ени Азербайжан” партияси ғолиб бўлди. Марказий сайлов комиссияси раиси Мазоҳир Панахов дастлабки якунлари бўйича мазкур партия парламентдаги 125 та ўриндан 68 тасини эгаллаганини маълум қилган.

Сайловда 37,27 фоизи иштирок этган: рўйхатга олинган 6,4 миллион сайловчидан 2,1 миллион нафари овоз бериш учун участкаларга келган.

Мухолифатдаги “Халқ жабҳаси” партияси сайловни бойкот қилган. Мухолифатдаги яна бир партия бўлмиш “Мусават” 15 йилдан буён илк бор парламент сайловида иштирок этган – бунгача у сайловларни бойкот қилиб келган эди. “Мусават” лидери Ориф Гажили Reuters агентлигига сайловнинг ҳалол ўтишига ишонмаслиги, бироқ партия “мамлакатдаги сиёсий муҳитни фаоллаштириш” учун сайловда иштирок этаётганини билдирган.

Президент Илҳом Алиев жорий йилнинг июнь ойида парламентни тарқатиб юбориб, навбатдан ташқари сайловни 1 сентябрга белгилаш ҳақида қарор чиқарганди. Парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайлов кунини тайинлаш ташаббуси “Ени Азербайжан” ҳукмрон партиясидан чиққан.

Print
A
A